Расулуллоҳ (С.А.В) дедилар: «Агар жаннат боғларининг олдидан ўтсангизлар, ундан баҳраманд бўлинглар».
Мусибат келган пайтда сабр қилиш
Абу Бакр (Р.А)нинг озор ва қийинчиликларга сабр қилганликлари
Ал-Ҳофиз Абу Ҳасан ал-Атроблисий Оиша онамиздан ривоят қилади: «...Мусулмонлар масжиднинг барча томонларига тарқаб кетдилар. Уларнинг ҳар бирлари ўз қабиладошлари ёнига бориб турдилар. Абу Бакр (Р.А) одамлар ичида хутба ўқидилар. Расулуллоҳ (С.А.В) эса ўтирган эдилар. Абу Бакр (Р.А) Оллоҳ ва Унинг расулига даъват қилган биринчи хотибга айландилар. Шунда мушриклар Абу Бакр (Р.А) га ва мусулмонларга ташландилар. Улар масжид атрофидаги мусулмонларни қаттиқ калтаклашга тушдилар. Абу Бакр (Р.А) ни босиб олиб қаттиқ калтакладилар. Абу Бакр (Р.А) нинг олдига фосиқ Утба ибн Рабиъа яқинлашиб келиб, уни нағал қоқилган ковуш билан ура бошлади. У ўша ковушларни айлантириб Абу Бакр (Р.А) нинг юзига урар эди. Сўнг у Абу Бакр (Р.А) нинг қорнига сакради, ҳатто Абу Бакр (Р.А) нинг юзи қайси, бурни қайси эканлигини билиб бўлмай қолди... Бани Тамим қабиласи Абу Бакр (Р.А) ни бир чопонга солиб ўз уйига элтиб қўйди. Улар Абу Бакр (Р.А) нинг ўлганига асло шубҳа қилмаган эдилар».
Бухорий Оиша онамиздан ривоят қилади: «...Мусулмонларга мусибатлар етгач Абу Бакр (Р.А) Ҳабашистон томонга ҳижрат қилиб йўлга чиқди. У Барқул Ғимодга етганда унга ибн Дуғунна йўлиқиб
қолиб: Мен сизни ўз ҳимоямга оламан. Сиз қайтинг ва ўз шаҳрингизда Роббингизга ибодат қилаверинг, деди. Шунда Абу Бакр (Р.А) қайтиб келди. Оиша онамиз айтадилар: Отамга бир фикр келиб қолди ва ўз ҳовлисининг бир чеккасига масжид қуриб олдилар. Отам ўша ерда намоз ўқир ва Қуръон ўқир эдилар. Натижада мушрикларнинг аёллари ва фарзандлари ўша ерга жамланадиган бўлиб қолишди. Улар Абу Бакр (Р.А) дан таажжубланишар ва унга қарашар эди. Абу Бакр (Р.А) кўп йиғлар эди. Қуръон ўқиган пайтида кўз ёшларини тутиб туролмас эди. Бу ҳол мушриклардан иборат Қурайш катталарини қўрқувга солди. Натижада улар ибн Дуғуннага одам юбордилар. Ибн Дуғунна Абу Бакр (Р.А) нинг олдига келди. Оиша онамиз айтадилар: Шунда Абу Бакр (Р.А) ибн Дуғуннага: Мен сизнинг ҳимоянгизни ўзингизга қайтариб бераман ва Оллоҳ Азза ва Жалланинг ҳимоясига рози бўламан, деди».
Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Қосимдан ривоят қилади: Абу Бакр (Р.А) ибн Дуғуннанинг ҳимоясидан чиққанидан сўнг Каъба томон кетаётган пайтида Қурайш тентакларидан бири унинг бошидан тупроқ сочиб юборди. Шу пайт Абу Бакр (Р.А) нинг олдидан Валид ибн Муғийра ёки Ос ибн Воил ўтиб қолди. Шунда Абу Бакр (Р.А) унга: Мана бу тентак нима қилаётганига қарамайсанми? деди. У эса: Буни сен ўзингга ўзинг тилаб олдинг, деди. Абу Бакр (Р.А): Эй Раббим, Сен мунчалар ҳалим бўлмасанг, деб уч бор такрорлади.