Ислом ва сиёсат
Сиёсат умматни ички ва ташқи жиҳатдан бошқармоқдир. У давлат ва уммат томонидан амалга оширилади. Бошқарув бевосита давлат қўлида бўлади. Уммат эса ундан ҳисобот олиб туради.
Умматни давлат томонидан ички ва ташқи жиҳатдан бошқариш ичкарида мабдани ижро этиш билан бўлади. Бу ички сиёсат дейилади.
Умматни давлат томонидан ташқи жиҳатдан бошқариш бошқа давлатлар, халқлар ва умматлар билан бўладиган муносабатлар ҳамда мабдани дунёга ёйишдир. Бу ташқи сиёсатдир.
Ташқи сиёсатни англаш давлат ва уммат вужудини асраб қолишнинг мазмун-моҳияти, даъватни дунёга ёйиш имконини топишнинг асоси ҳамда умматнинг бошқалар билан бўладиган муносабатини энг тўғри тарзда тартибга солишнинг заруратидир.
Модомики Ислом уммати исломий даъватни барча одамларга етказиш мажбуриятини ўз бўйнига олган экан, дунё билан муттасил боғланиб, унинг аҳволидан хабардор бўлиб, муаммоларини идрок қилиб, давлатлар ва халқларнинг интилишларини англаб, курраи заминда рўй бераётган сиёсий ишларни кузатиб, давлатларнинг ўз сиёсий режаларини ижро этиш услублари хусусида, ўзаро муносабатлари хусусида, сиёсий музокаралари хусусида мулоҳаза юритиб бориш мусулмонлар зиммасидаги бурчдир. Шунга кўра, улар исломий олам позициясининг моҳиятини халқаро позицияни англаган ҳолда идрок қилмоқлари лозим. Токи ўз давлатларини барпо қилиш ва даъватни дунёга олиб чиқиш учун иш услубини аниқлаб олишга муваффақ бўлсинлар.
Шуни ҳам унутмаслик лозимки, халқаро позиция ҳар доим ҳам бир хил бўлавермайди, халқаро вазиятларга қараб ўзгариб туради.
Ҳар бир давлатнинг позицияси халқаролик жиҳатидан бир хил ҳолатда туравермайди. Кучли ва кучсизлиги, таъсир кучига эгалиги ва эга эмаслиги, бошқа давлатлар билан ўзаро муносабатлари ва бу муносабатларнинг ҳар хиллигига қараб ўзгариб туради. Шунинг учун халқаро позиция тўғрисида батафсил тўхталиш ҳам, маълум бир давлатнинг позицияси тўғрисида аниқ бир фикр айтиш ҳам мумкин эмас. Муайян даврдаги халқаро позиция тўғрисидагина батафсил тўхталиш мумкин. Шунда ҳам унинг ўзгариши мумкинлиги ҳисобга олинади. Муайян шароитлардаги маълум бир давлатнинг позицияси хусусида аниқ бир фикр айтиш мумкин. Шунда ҳам унинг ўзгариш қобилияти назардан четда қолдирилмайди. Шунга кўра, сиёсатчи дунёда юз бераётган сиёсий ишларни кузатиб бориши, уларни ўзидаги собиқ маълумотлар билан боғлаши шарт. Шундагина у сиёсатни тўғри тушунишга, халқаро позициянинг ўзгариш ёки ўзгармаслигини англашга, ҳар бир давлат позициясини идрок қилишга, унинг шу ҳолича қолиш ёки қолмаслигини билишга муваффақ бўлади.
Халқаро позициянинг ўзгариши айрим давлатлар позициясининг ўзгаришига қараб бўлади. Маълум бир давлат кучли ёки кучсизлиги туфайли, бошқалар билан муносабатининг пухта ёки заифлиги туфайли ўз позициясини ўзгартирса, халқаро мезонда ўзгариш рўй беради. Негаки дунёдаги мавжуд кучлар мезонида ўзгариш бўляпти. Демак, халқаро позицияга таъсир кўрсата оладиган давлат позициясини англаш халқаро позицияни англашнинг асосидир. Шунинг учун асосий эътиборни ҳар бир давлат хусусидаги маълумотларни қўлга киритишга қаратмоқ лозим. Зеро, шундай қилиш сиёсий онгнинг илк ўчоғидир. Ҳар бир давлатнинг позицияси халқаро майдонда тутган ўрнига эмас, балки ўзининг ички ва ташқи сиёсатига алоқадор ишларига боғлиқдир. Шундан кўриниб турибдики, дунёдаги мавжуд давлатлар сиёсатининг асосини, яъни мафкурасини ўрганиш даркор. Ислом уммати ҳам уларга нисбатан ўзининг қандай ёндашишини аниқлаб олмоғи лозим. Шунингдек, улар қўллаётган услуб ва тактикаларни ҳам билиш керак ҳамда уларни доимий кузатув билан, ўзгариш миқдорини аниқлаш билан, ўзгаришга мажбурловчи омиллар ёки сабабларни англаш билан боғламоқ лозим. Айни пайтда бу давлатларга таъсир кўрсатадиган ёки услубларию тактикаларини ўзгартиришга мажбурлайдиган нарсаларни ҳам билиб олиш шарт.
СИЁСАТ МАФКУРА ВА ТАРИҚАТДИР
Давлатнинг бошқа халқлар ва умматлар билан муносабати сиёсатининг асосини ташкил қилувчи мафкура асосига қурилади. Мабдасиз давлатларда фикрлар турлича бўлиб, тез-тез ўзгариб туради. Улар хусусида сиёсий тактика ва услублар жиҳатидан ёндашиб гапириш мумкин, холос. Сиёсий мафкура жиҳатидан эса ёндашиб бўлмайди.
Мабдали давлатларнинг мафкураси барқарордир, яъни услублар ҳар қандай турли хил бўлмасин, улар ўз мабдаини барқарор тариқат орқали оламга ёядилар. Уларга сиёсий мафкура жиҳатидан ҳам ёндашилади.
Шундан келиб чиқиб, дунёдаги мавжуд давлатларга бошқа халқ ва миллатлар билан муносабати асосини ташкил қилувчи мафкурасининг барқарор ёки барарор эмаслигига, шу мафкурани ижро этиш тариқатининг ўзгармас ёки ўзгарувчанлиги, мафкураси ва тариқати асосида тузаётган режа ва услубларига қараб баҳо бермоқ лозим. Бироқ, шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бугунги кундаги дунё давлатлари услублар билангина кифояланиб, тизгинларини қўйиб юборяптилар. Тариқатга зид услубларни қўллашдан ҳам тоймаяптилар. «Ғоя воситани оқлайди» қоидаси асосида юряптилар.
Нима бўлганда ҳам ҳамма давлат эҳтиёжга қараб ўзгариб турадиган сиёсий режалар тузади, вазиятга қараб турланиб турадиган услублар қўллайди.
Давлатлар ўз сиёсий фаолиятларида ўз халқлари манфаатларини ҳимоя қиладилар. Бошқалар билан муносабатларини шу манфаатларга қараб белгилайдилар. Манфаатлар бир-биридан жуда катта фарқ қилади. Мабдасиз давлатда унинг халқаро муносабатига таъсир кўрсатувчи омил ёлғиз манфаатнинг ўзи бўлади. Мабдали давлатда бундай омил мабданинг ўзидир. Манфаат эса ёрдамчи омил, холос. Шунга кўра, давлатга фикрлари, мабдали ёки мабдасизлигига қараб баҳо бермоқ лозим. Ана шунда унинг халқаро муносабатларидаги таъсир кўрсатувчи омиллар равшанлашади. Модомики давлатга, унинг халқаро муносабатларига, халқаро майдонда тутган ўрнига таъсир кўрсатувчи омил мабда экан, демак бугунги кундаги оламни бошқараётган мабдалар билан танишиб чиқиш ҳамда улардан ҳар бирининг халқаро сиёсатдаги кечаги, бугунги ва эртанги таъсир кучини аниқлаш лозим.
Бугунги кун оламига назар ташлар эканмиз, уни уч мабда бошқараётганини биламиз. Улар Ислом, коммунизм ва капитализмдир. Ҳар бир мабданинг юз миллионлаб одамлари бор. Бироқ, айни кунда Исломнинг ўз давлати йўқ. Шунинг учун уни халқаро муносабатларда ҳам, оламни бошқараётган халқаро майдонда ҳам учратмаяпмиз. Дунё давлатларининг Ислом уммати уйғона бошлаганини кўриб, Ислом давлатини қайта ҳаётга келтирмаслик учун қилаётган уринишлари халқаро майдонга боғлиқ ҳам эмас, халқаро муносабатларга таъсир ҳам кўрсатмайди. Негаки бу иш Исломни мабда сифатида кўтариб чиқадиган, ўзининг ички ва ташқи сиёсатини унинг асосига қурадиган давлатни талаб қилади.
Энди кейинги икки мабда хусусида тўхталадиган бўлсак, ҳар бирининг ўз давлати, тўғрироғи ўз давлатлари бор. Шунинг учун улар халқаро муносабатларда ҳам, халқаро майдонда ҳам, халқаро сиёсатда ҳам ўз таъсир кучларига эгадирлар. Айниқса Совет иттифоқи бор пайтида бу нарса кўзга яққол ташланарди. Улар туфайли дунё икки лагерга - Шарқ ва Ғарб лагерларига ажраганди. Шарқий лагернинг қулаши билан Варшава шартномаси бекор қилиниб, дунёдаги икки қутб сиёсати ниҳоясига етди. Коммунизм Хитой билан Шимолий Кореядан бошқа биронта ҳам давлатда номига бўлса ҳам татбиқ этилмай қолди. Шу билан халқаро кураш барҳам топиб, ўрнини иқлим курашига бўшатиб берди. Негаки Совет иттифоқи қулаши билан унинг мафкураси халқаро сиёсатдаги ўз таъсир кучини йўқотди. Авваллари унинг ташқи сиёсатини ташкил этган мафкура, яъни коммунизмни дунёга ёйиш, эндиликда ҳатто татбиқ ҳам этилмай қўйди. Ҳамон коммунизм мабдасини ушлаган давлатларнинг ташқи сиёсати эса бу мафкура асосига қурилмади. Масалан, Хитой сиёсати коммунизмни дунёга ёйиш мафкурасига асосланган эмас. Хитой халқининг воқеига назар ташлайдиган бўлсак, унинг бутун тарих мобайнида қўшни Осиёга нуфузини ўтказиш билангина кифояланганини, бутун дунёда ўз нуфузига эга бўлишга интилмаганининг гувоҳи бўламиз. Хитой халқининг шундай воқеи туфайли Хитой давлати ўзини бирон кун ҳам халқаро сиёсатда ўз таъсир кучига эга бўлган мавқе учун тайёрлаган эмас. Унинг барча ҳаракатлари ҳамон иқлимий нуфуз билан чекланишгагина қаратилган.
Капиталистик лагер сиёсатининг асосини ташкил қилувчи мафкура капиталистик мабдани дунёга ёйишдир. Бу мабда динни ҳаётдан ажратишдан иборат. Капиталистик мабдани қабул қилган давлатлар турли хил бўлишларига қарамасдан, ҳаммасининг мақсади капиталистик фикрий етакчиликни дунёга ёйиш, дунёнинг ўз нуқтаи назари билан бошқаришдир.
Капиталистик лагернинг ўз мафкурасини ижро этиш тариқати мустамлакачиликдир, яъни мағлуб халқлар устидан сиёсий, ҳарбий, сақофий ва иқтисодий зўравонликдир. Ҳукумат ва уларнинг қонунлари ҳар қанча турли хил бўлмасин, тариқат, яъни мустамлакачилик барқарордир, ўзгармасдир. Мустамлакачилик, Ленин айтганидек, «Капитализмнинг энг юқори босқичи» эмас. Балки у ундаги нуқтаи назарнинг таркибий қисмидир. Капитализмни бошқа халқлару умматлар орасида тарқатиш унинг тариқатидир. Шунга биноан, капиталистик лагернинг ташқи сиёсати мафкура жиҳатидан ҳам, тариқат жиҳатидан ҳам барқарор-ўзгармасдир. Давлатлар ўртасидаги фарқ ва рақобат уни ўзгартиролмайди. Британия ёки Америка бўладими, Франция ёки Италия бўладими, ҳаммасининг сиёсий асоси ўз мабдаси ва нуқтаи назарини халқлар ва умматларни мустамлака қилиш воситасида дунёга ёйишдир.
Ғарб лагерининг тариқати хусусида фикр юритганда шуни ҳам назардан қочирмаслик лозимки, бу тариқат - гарчи мустамлакачилик жиҳатидан ўзгармас бўлса-да, лекин уни амалга ошириш услублари борасида тариқат сифатидаги мустамлакачиликни мафкура сифатидаги капитализм билан боғлаш ёки боғламаслик ҳамда мустамлакачиликка турлича қарашлар эътибори билан айрим силжишлар бўлди. Аввало услублар ўзгаришига тўхталайлик. Қадимги мустамлакачилик, деб ном олган тариқат ҳарбий зўравонликка асосланарди. Янги мустамлакачилик номли тариқат эса бошқа ишларга таянди. Масалан, Америка иқтисодий жиҳатга суянди. Қарзлар бериш, тараққиёт режалари номи остидаги ишлар, мутахассислар алмашинуви ва ҳоказо. Айни пайтда сиёсий сиқувни ривожлантириш лойиҳалари ва тазйиқларни ҳам бўшаштирмади. Кейинроқ эса бу услублар ёнига ҳарбий зўравонлик услубини ҳам қўшиб, куч билан бошқа миллат ва халқларга ўз нуфузини ўтказишга уринди. Нуфузини сақлаб қолиш учун мустамлака қилиб олган диёрларда ҳарбий базалар қуришга уринди. Англия эса малайлар тайёрлашга, инглиз разведкасига ёлланган шахсларга, малай ҳокимларга ва шубҳали савдо битимларига таянди. Молиявий аҳволи заифлашгани туфайли унинг қарзларга таяниши сусайди. Гарчи Кипр каби мустамлакаларида ёки уларга яқин жойларда ҳамон ҳимоячи ҳарбий базалар қуришга зеб бераётган бўлса-да, халқаро нуфузи заифлашгани сабабли ҳарбий базаларга таяниши ҳам заифлашди. Шулардан хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, услубларнинг ўзгариб туриши мустамлакачиликнинг бир белгисидир.
Энди мустамлакачилик хусусидаги, уни тариқат сифатида мафкура сифатидаги капитализмга боғлаш ёки боғламаслик эътибори билан юз бераётган турлича қарашларга тўхталамиз. Қарашлар шу боғлашнинг кучлилиги ва кучсизлигига қараб турланяпти. Боғлаш кучли бўлса, асосий эътибор капитализмни ёйишга қаратилиб, мустамлакачилик шунга хизмат қилувчи бир тариқат бўлиб қоляпти, холос. Боғлаш кучсиз бўлганда эса асосий эътибор мустамлакачиликка қаратилиб, капитализмни ёйиш иккинчи даражали иш бўлиб қоляпти. Мустамлакачиликнинг ўзи деярли ғояга айланяпти. Боғлашнинг кучли ёки кучсиз бўлиши мустамлака қилиниши кўзланган давлатларнинг ҳазорати бор-йўқлигига қараб бўлади. Ҳазорати бўлса, унга зўрлик қилиш, бойликларини тортиб олиш осон бўлиши учун унга бузуқ капиталистик ҳазоратни олиб кириш керак бўлади. Бордию ҳазорати бўлмаса, бу ишнинг ҳожати йўқ, яъни шундай ҳам мустамлакачиликни амалга ошириш мумкин. Бу ҳолат Ғарб давлатларининг Африкани мустамлака қилишдаги курашларида яққол кўзга ташланади. У ерда капитализм мафкурасини ёйиш бировнинг хаёлига ҳам келмади. Негаки Уганда ва Руандадаги ички уруш йиллаб давом этди. Юз минглаб одамлар қурбон бўлди. Шунингдек, Заир (демократик Конго) ҳодисаларида ҳам Европа билан Американинг нуфуз талашишларию очкўзликларидан бошқа нарсани кўрмаймиз. Британия ва унинг Европадаги иттифоқдошлари ҳамда Америка Африкадаги моддий манфаатларга кўз олайтиришдан бошқа нарсани билмадилар. Шу билан у ердаги мустамлакачилик тариқатдан кўра кўпроқ ғояга ўхшаб қолди. Ислом олами, Яқин шарқ, Шимолий Африка, Ўрта Осиё ва унинг жануби-шарқидаги ҳодисалар эса бунинг аксини кўрсатади. Мустамлакачи давлатлар ва уларнинг бошидаги Америка бу диёрларга сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий зуғум ўтказиш ҳамда моддий бойликларини тортиб олиш учун кўп жиҳатдан капитализмни ёйишга ҳаракат қилди. «Аёл эркинлиги», «Аёлга имкон бериш» каби анжуманлар, Американинг Яқин шарқ учун тузган лойиҳаси, «Сақофатларни қайта тиклаш» номи остида сақофий назоратни йўлга қўйиши, динлараро суҳбатлар, ўзаро ҳазорат алмашишлар, мусулмонларни исломий ҳазорат ва сақофат билан боғловчи риштани узиш учун таълим тизимини ўзгартиришлар шулар жумласидандир. Шундай қилиб, вақт ўтиши билан капитализм тариқати ривожланиб борди. Лекин барибир мустамлакачилик, тариқат бўлиб қолиши ёки ғояга айланишидан қатъий назар, капитализмнинг асосий рукнидир.
(давоми бор)