Cамарқанддаги туганмас шанбаликлар

Нашр қилинди: 23 март, 2009 йил
Самарқандда шанбаликлар ҳафтанинг ҳамма кунлари ўтказила бошланди. Шаҳарни бепул супуриб тозалашга самарқандликлар февралнинг охиридан чиқа бошлашган ва шаҳар ҳокимининг буйруғига кўра, улар март ойининг охиригача шу ишни давом эттиришлари керак.
Расман умумхалқ ҳашари ёки эскичасига шанбаликлар Ўзбекистонда фақат икки кун - 14-15 март кунлари бўлади. Бироқ аксарият самарқандликлар учун, айниқса мактаб, коллеж, лицей ва олий ўқув юртлари талабалари учун бу анча эрта, феврал ойининг охиридан бошланган ва ҳануз тугагани йўқ.
Самарқанд коллежларидан бирида ўқувчи, ҳар куни шанбаликда қатнашишга мажбур бўлган Рустам исмли талабанинг сўзларига кўра, шанбалик дегани кўчаларни супуриш, автомобил йўли яқинидаги ўт-ўланларни чопишни англатади.
Бундан ташқари, Рустамни кўпинча ўзи ўқийдиган коллеж ва унинг атрофидаги ҳудудларни тозалашга жалб қилишади. Худди шу ишни, Рустамнинг айтишича, ўқув юртларининг деярли барча талабалари қилишга мажбур.
“Пахта терими вақтида биз дарсларни қолдирамиз, бутун куз давомида ўқимаймиз, бу шанбалик ҳашарларни дея баҳорниям мен ёқтирмай қўйдим”, - дейди Рустам.
Унинг фикрига ўрта мактабнинг юқори синфида ўқувчи Сабина қўшилмайди, унинг сўзларига кўра, ҳашарда иштирок этаркан, ҳар бир ёш ўзининг мамлакатига ёрдам беради, ўз шаҳри ободончилигига ҳисса қўшади.
Айни пайтда, шаҳар ҳокимлиги умумхалқ ҳашарининг ютуқлари ҳақида тўлиб-тошиб гапирмоқда. Cамарқанд вилоят ҳокимлиги мутахассиси Гулчеҳра Ибрагимовага кўра, 14-15 мартда вилоятнинг 200 минг фуқаролари ва 50 минг талаба ҳукумат томонидан ташкиллаштирилган шанбаликда иштирок этишган.
“Иштирокчиларнинг кайфиятини кўтариш учун, умумхалқ ҳашари куни вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан дастурхон ёзилиб, палов тарқатилди”, - дейди Гулчеҳра Ибрагимова.
Самарқанд давлат университети талабаси Санжарнинг айтишича, у ва унинг ҳашарда қатнашишни истамаган ҳамкурслари бу ҳақда гуруҳ раҳбарига айтишган.
“Домламиз бизнинг ҳар биримизга 2 минг сўмдан келтиришимизни, ўшанда ҳашардан озод қилиши мумкинлигини айтди, биз бунга рози бўлдик. Икки минг сўмдан тўладик ва қишлоққа, уйимизга кетдик”, - дейди Санжар.
Бундай ишбилармон, келишувчан домлаларни ёки уларга бериладиган пулни топа олмаганлар учун Самарқанд вилоятида ҳали март ойининг охиригача давом этадиган шанбаликларда иштирок этишга тўғри келади.