Синов вақтида сабр қилиш
Аллоҳ Таоло айтади:
أَمْ حَسِبْتُمْ أَنْ تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ وَلَمَّا يَأْتِكُمْ مَثَلُ الَّذِينَ خَلَوْا مِنْ قَبْلِكُمْ مَسَّتْهُمْ الْبَأْسَاءُ وَالضَّرَّاءُ وَزُلْزِلُوا حَتَّى يَقُولَ الرَّسُولُ وَالَّذِينَ آمَنُوا مَعَهُ مَتَى نَصْرُ اللَّهِ أَلاَ إِنَّ نَصْرَ اللَّهِ قَرِيبٌ -14,
– „Ёки (эй мўминлар) сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда) уларга бундай жавоб бўлган эди: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир»“, [2:214]
وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنْ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنْ الأَمْوَالِ وَالأَنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرْ الصَّابِرِينَ -155, الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ -156, أُوْلَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُوْلَئِكَ هُمْ الْمُهْتَدُونَ -157,
– „Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У зотга қайтгувчилармиз» дейдиган собирларга хушхабар беринг, (эй Муҳаммад). Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир“, [2:155-157]
لَتُبْلَوُنَّ فِي أَمْوَالِكُمْ وَأَنْفُسِكُمْ وَلَتَسْمَعُنَّ مِنْ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِكُمْ وَمِنْ الَّذِينَ أَشْرَكُوا أَذًى كَثِيرًا وَإِنْ تَصْبِرُوا وَتَتَّقُوا فَإِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الأُمُورِ -186,
– „Албатта молу жонларингизда имтиҳон қилинурсизлар (яъни Тангри Таоло мол ва жонларингизга хилма-хил офату балолар юбориб, сизларнинг иймонингизни текшириб кўрар) ва албатта сизлардан илгари китоб берилган кимсалар томонидан ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитажаксизлар. Агар (озорларига) сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар (нажот топурсиз). Чунки бу иш (яъни сабр-тоқатли бўлиб, Аллоҳдан қўрқиш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир“, [3:186]
إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ -10,
– „Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур“. [39:10]
Расулуллоҳ (С.А.В) дедилар: «Аллоҳ Азза ва Жалла бир қавмни яхши кўрса, уни имтиҳон қилади. Бас, кимки сабр қилса унга сабр берилур, кимки бесабрлик қилса унга бесабрлик берилур» (Аҳмад Маҳмуд ибн Лабиддан келтирган).
Аҳмад қуйидаги ҳадисни келтиради: Мусъаб ибн Саъд отасидан ривоят қилади, у деди: «Ё Расулаллоҳ, (С.А.В) қайси инсонларнинг имтиҳони қаттиқроқ бўлади?» деб сўрадим. Ул зот дедилар: «Набийлар, сўнгра солиҳлар, сўнгра уларга ўхшашлар ва инсонларнинг афзаллари. Киши динига мувофиқ имтиҳон қилинади. Агар динида мустаҳкам бўлса имтиҳони зиёда қилинади. Агар динида заифлик бўлса, ундан енгиллатилади. Банда ер юзида юрар экан, хатоси қолмагунча имтиҳони давом этади».
Расулуллоҳ (С.А.В) озор-мусибатларга бардош берганлар.
Аҳмад Анас (Р.А) дан ривоят қилиб келтиради, Расулуллоҳ (С.А.В) дедилар: «Мен Аллоҳ йўлида ҳеч ким озорланмаган ҳолда ўзим озорландим, ва Аллоҳ йўлида ҳеч ким қўрқитилмаган ҳолда ўзим қўрқитилдим. Ўттиз кунлаб вақт ўтардики, мен билан Билол тирик (жигари бор) одам ейдиган нарсанинг Билолнинг қўлтиғига сиғадиган миқдоридан кўпроғига эга бўлмас эдик». Бу ҳадисни Термизий ва ибн Ҳиббонлар ҳам ўз «Саҳиҳ»ларида келтиришган, Термизий уни ҳасан саҳиҳ деган.
Табароний Манбит ал-Аздийдан ривоят қилиб келтиради: «Мен жоҳилият даврида Расулуллоҳни кўрганимда ул зот: «Эй инсонлар! Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб айтинглар, шунда нажот топурсиз», дердилар. Айрим инсонлар ул зотнинг юзларига туфлар, айримлари тупроқ сочар ва баъзилари ҳақорат қилиб турган ҳолда кун ярмига етди. Шу вақт ул зот (С.А.В) нинг олдиларига бир аёл жомда сув келтирди. Расулуллоҳ юз ва қўлларини ювдилар-да: «Эй қизим, даданг қатл этилишидан ёки хор бўлишидан қўрқма», дедилар. Шунда мен: «Бу аёл ким?» деб сўрадим. Менга «Бу Расулуллоҳ (С.А.В) нинг қизлари Зайнаб», дейишди». Ҳайсамий ушбу ҳадис хусусида: «Унда Манбит ибн Мудрик бор, уни танимайман, қолган ровийлари эса ишончлидир», деган.
Абу Яъло Анас ибн Моликдан ривоят қилиб келтиради: «Расулуллоҳ (С.А.В) ни шундай уришдики, ҳатто ул зот ҳушларидан кетдилар. Шунда Абу Бакр (С.А.В) туриб:
أَتَقْتُلُونَ رَجُلاً أَنْ يَقُولَ رَبِّيَ اللَّهُ
– „Бир кишини «Менинг Парвардигорим Аллоҳдир» дегани учун ўлдирурмисизлар?!“ [40:28]
деб қичқира бошладилар. Шунда «Бу ким?» деб сўрашган эди, «Бу жинни Абу Бакр-ку!» дейилди». Ушбу ҳодисани Баззоз ҳам келтириб: «…ул зот (С.А.В) ни қўйиб Абу Бакрга юзланишди», деб қўшимча қилади. Ҳайсамийнинг айтишича, ушбу ҳадиснинг ровийлари ишончли одамлардир. Бу ҳадисни Ҳоким ҳам келтириб, Муслим шартига кўра саҳиҳ ҳадисдир, дейди.
Абу Наим «Далоилун нубувват» китобида Урва ибн Зубайр (Р.А)дан ривоят қилиб келтиради: «Расулуллоҳ (С.А.В) Сақиф қабиласига жой ва ёрдам беришини умид қилиб боргандилар». Шу ҳадис давомида ул зот (С.А.В) қуйидагиларни ҳам айтганларини келтиради: «Улар Расулуллоҳ (С.А.В) ни масхара қилиш учун тўпланди. Икки саф бўлиб ўтириб, қўлларига тош йиғиб олди. Набий (С.А.В) оёқларини ерга қўйиб кўтаришга улгурмасларидан уни тош билан уриб қонга белашди. Улар шундай ҳолда Расулуллоҳ (С.А.В) ни ўз сўзлари ва имо-ишоралари билан масхара қилар эди. Ул зот уларнинг сафларидан икки оёқларидан қон оққан ҳолда ўтиб олгач, узум боғининг девори томон юриб кетдилар…».