Синов вақтида сабр қилиш
Усмон (Р.А)нинг озор ва мусибатларга бардошлари.
Ибн Саъд Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймийдан ривоят қилади: «Усмон ибн Аффон (Р.А) иймон келтирганларида, амакилари Ҳакам ибн Абил Ос у кишини ушлаб олиб, арқон билан боғлаб қўяди ва: «Ота-боболаринг динидан қайтиб, янги динга кирасанми? Аллоҳга қасамки, мен сени ушбу динни тарк этмагунингча ечмайман!» дейди. Усмон (Р.А): «Аллоҳга қасамки, мен уни ҳаргиз тарк этмайман ва ундан ажралмайман», дейдилар. Шунда Ҳакам у кишининг диндаги салобатини кўргач, уларни тарк этади».
Ибн Исҳоқ айтади: Расулуллоҳ (С.А.В) саҳобаларга етаётган озорларни кўриб: «Ҳабаш ерларига боринглар. Чунки у ернинг подшоси адолатли ва унинг ҳузурида ҳеч кимга зулм қилинмайди. Токи Аллоҳ сизларга енгиллик бергунча ўша ерда бўлинглар», дедилар. Саҳобалар фитна маконидан динларини асраш мақсадида Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар… Айтиладики: «Бани Умайядан бўлган мусулмонлардан ҳижратга чиққан биринчи киши Усмон ибн Аффон эди. У билан унинг хотини - Расулуллоҳ (С.А.В) нинг қизлари Руқия - бирга эди».
Байҳақий Қатода (Р.А) дан ривоят қилади: «Оиласи билан биринчи ҳижрат қилган киши Усмон ибн Аффон эди». Абу Ҳамза - Анас (Р.А) ривоят қилади: «Усмон ибн Аффон хотинлари - Расулуллоҳ (С.А.В) нинг қизлари Руқия - билан Ҳабашистонга ҳижратга чиқдилар…». Расулуллоҳ (С.А.В): «Аллоҳ уларга ҳамроҳ бўлсин. Лут (А.С)дан кейин оиласи билан ҳижрат қилган иккинчи киши Усмондир», дедилар.
Ибн Ҳишом «Сийрат» китобида ибн Исҳоқдан шундай ривоят қилади: «… Расулуллоҳ (С.А.В) Ҳудайбияда Усмон ибн Аффон (Р.А) ни чақириб, Абу Суфёнга ва Қурайшнинг ўзга бошлиқларига ул зот уруш учун эмас, балки Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун келганликларини тушунтиришлари учун жўнатдилар. Усмон кетдилар-да, Абу Суфён ва Қурайшнинг ўзга улуғларига Расулуллоҳ (С.А.В) нинг гапларини етказдилар. У кишига: «Агар Байтуллоҳни тавоф қилмоқчи бўлсанг, марҳамат», дейишди. Улар эса: «Расулуллоҳ (С.А.В) тавоф қилмагунларича тавоф қилмайман», дедилар. Шундан кейин Қурайш у кишини ўзларида ушлаб қолишди…».