Яхши солиҳ эр
Биринчи: Нафақа бериш
Аллоҳ Таолонинг:
لِيُنْفِق ذُو سَعَةٍ مِن سَعَتِه وَمَن قُدِرَ عَلَيْهِ رِزْقَهُ فَلْيُنْفِقْ مِمَّا آتَاهُ الله ,7-
– „Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан (яъни бойлигига ярашадиган) нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ ўзига ато этган нарсадан (яъни ўз ҳолига яраша) нафақа берсин!“ [65:7]
وَعَلَى الْمَوْلُود لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ ,332-
– „Уларни (яъни оналарни) яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир“, [2:233]
деган сўзларига биноан нафақанинг миқдори маъруф, яъни тоқатдан ташқари нарсани юкламаслик деб белгиланади. Ибн Масъуд Бадрий (Р.А) Набий (С.А.В) дан ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Пайғамбар (С.А.В) дедилар: «Агар киши ажр-савоб умид қилиб ўз аҳли оиласига нафақа қилса, бу нафақа унинг учун садақа бўлади». Саҳиҳда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (Р.А) дан шундай ривоят қилинади. Расулуллоҳ (С.А.В): «Ўз қарамоғидагиларни қаровсиз ташлаб қўйиш кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади», дедилар. Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Ўз қўл остидаги кишиларга озиқ-овқат бермай қўйиш кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади», дейилади. Абу Ҳурайра ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ (С.А.В) дедилар: «Ҳар тонг икки фаришта тушиб, уларнинг бири: «Парвардигоро, нафақа қилувчининг сарфлаган моли ўрнига (мол) ато қилгин», дейди. Иккинчиси эса: «Парвардигоро, хасиснинг молига талофат етказгин», дейди». Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Набий (С.А.В) дедилар: «Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир. Нафақа қилишни ўз қарамоғингдаги кишилардан бошла. Садақанинг яхшиси ўз эҳтиёжидан ортган пайтда берилганидир. Кимки бировдан бирор нарса сўрашдан ўзини тийса, Аллоҳ уни сўрашдан пок қилади ва кимки бошқадан беҳожат бўлишни истаса, Аллоҳ уни беҳожат қилади». Саъд ибн Абу Ваққосдан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ (С.А.В) дедилар: «Аллоҳнинг розилигини истаб нафақа қилсанг, ажр-мукофотга эга бўласан, ҳатто ўз аёлинг оғзига таом солиб қўйсанг ҳам савоб оласан». Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (С.А.В) шундай дедилар: «Аллоҳ йўлида бир динор инфоқ қилган бўлсанг, қул озод қилишда бир динор инфоқ қилган бўлсанг, мискинга садақа қилишда бир динор инфоқ қилган бўлсанг ва аҳли аёлингга бир динор инфоқ қилган бўлсанг - бу динорлар орасида энг савоби улуғ бўлгани аҳли аёлингга инфоқ қилган динорингдир». Муслим Савбондан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (С.А.В) шундай дедилар: «Киши инфоқ қилган динорлари ичида энг афзаллари - ўз аҳли оиласига сарфлаган динори, Аллоҳ йўлида минадиган от-уловига сарфлаган динори ҳамда Аллоҳ йўлидаги биродарига сарфлаган диноридир». Ҳоким, ибн Ҳиббон, Ахмад ва бошқалар Муовия ибн Ҳийдадан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Мен: «Ё Расулаллоҳ, (С.А.В) хотинларимизнинг бизнинг устимиздаги ҳақлари нималардан иборат?» деб cўрадим. Расулуллоҳ (С.А.В) дедилар: «Таом еган пайтингизда унга ҳам таом едиришингиз, кийим кийган пайтингизда унга ҳам кийим кийдиришингиз, юзига урмаслигингиз, қабиҳ-хунук сўзларни айтмаслигингиз ва тарк қилсангиз фақат уйда тарк қилишингиздир». Термизий Амр ибн Аҳвас Жашамий (Р.А) дан ҳасан саҳиҳ деб ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ (С.А.В) нинг Ҳажжатул вадоъ (видолашув ҳажи)да: «…Аёлларнинг сизларнинг устингиздаги ҳақлари уларни яхши кийдириб, яхши таомлантиришингиздир» деганларини эшитдим, деди. Нафақа қилишга озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, хизматчи, зийнат буюмлари билан таъминлаш ва, бемор бўлиб қолса, даволатиш каби ишлар киради. Буларнинг ҳар бирининг тафсилоти бор, ҳозир уларга киришишнинг ўрни эмас. Кимки нафақа ва гўзал муомаланинг чўққисига етишни истаса, Абу Зариъ ўз хотини Умму Зариъга қилган муомаласини қилсин. Саҳиҳда келган ҳадисда Расулуллоҳ (С.А.В) Оиша онамиз (Р.А) га Абу Зариъ ҳақида: «Мен сизга Абу Зариъ Умму Зариъга қандай муомалада бўлган бўлса, шундай муомалада бўлдим», деган эдилар. Бу ҳадис узун ҳадис бўлиб, унда ғариб (тушуниш қийин бўлган номаълум) сўзлар бор. Шунинг учун шарҳ китобларига мурожаат қилиш зарур. Киши ўз аҳли аёли учун бир йиллик озиқ-овқатни ғамлаб қўйиши ҳам жоиз бўлади. Бунга далил Бухорий Умар (Р.А) дан ривоят қилган ушбу ҳадисдир: «Пайғамбар (С.А.В) Бани Назир қабиласининг хурмо дарахтларини сотар эдилар ва ўз аҳли оилалари учун бир йиллик озуқани ғамлаб қўяр эдилар».
Иккинчи: Гўзал муомалада бўлиш
Абу Ҳурайрадан ибн Ҳиббон ва Термизий ҳасан саҳиҳ деб ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (С.А.В) шундай дедилар: «Мўминлар орасида иймони энг мукаммал киши хулқи гўзал бўлган кишидир. Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига яхши хулқда бўлганларингиздир». Оиша онамиздан Ҳоким ва Термизий ҳасан деб ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (С.А.В) шундай дедилар: «Мўминлар ичида энг иймони мукаммали хулқи гўзали ва ўз аҳли оиласига юмшоқ муомалада бўлганларидир». Ибн Ҳиббон Оиша (Р.А) дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (С.А.В) шундай дедилар: «Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли оиласига яхши муносабатда бўлганларингиздир. Сизларнинг ичингизда оиласига энг яхши муносабатда бўлган киши менман».
Учинчи: Муроса қилиш
Ибн Ҳиббон Самура ибн Жундуб (Р.А) дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (С.А.В) шундай дедилар: «Аёл киши қовурғадан яралган. Агар уни тўғирламоқчи бўлсангиз синдириб қўясиз. Шундай экан, у билан муроса қилинг, шунда у билан яшай оласиз». Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ (С.А.В) шундай дедилар: «Аёллар билан яхши муносабатда бўлинглар, чунки аёл киши қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг эгри жойи унинг устки қисмидир. Агар уни тўғирлашга уринсангиз, синдириб қўясиз, агар тек ташлаб қўйсангиз эгрилигича қолади. Шундай экан, аёлларга яхши муносабатда бўлинглар». Муслимнинг ривоятида эса Пайғамбар (С.А.В) шундай дедилар: «Албатта, аёл киши қовурғадан яратилган. Уни ҳеч қандай йўл билан тўғирлай олмайсиз. Агар ундан фойдаланмоқчи бўлсангиз, эгрилигича фойдаланинг. Агар уни тўғирлайман деб уринсангиз синдириб қўясиз. Синдириб қўйиш эса талоқ қилишдир».
Тўртинчи: Тунаш (кечани ўтказиш)
Агар кишининг биргина аёли бўлса ва у сафарда бўлмаса, аёлининг ҳузурида камида тўрт кечада бир марта тунаши вожибдир. Бунга ижмо далилдир. Чунки Умар ибн Шабиҳнинг Шаъбийдан ривоят қилишича, Каъб ибн Сувар халифа Умар ибн Хаттоб ҳузурида ўтирган эди. Шунда бир аёл келиб: «Эй мўминлар амири, мен эримдан кўра афзалроқ кишини кўрмадим. Чунки у, Аллоҳга қасамки, кечалари доим ибодатда ва кундузлари доим рўзадордир», деди. Шунда Умар бу аёлнинг гапига истиғфор айтди ва унинг эрини мақтади. У аёл эса уялиб, қайтиб кетди. Шунда Каъб: «Эй мўминлар амири, бу аёлнинг ёнини олиб, эрига танбеҳ бермайсизми?» деди. Шундан сўнг унинг эри олиб келинди ва Умар Каъбга: «Буларнинг ўртасида ҳукм чиқаринг, чунки сиз бу аёлнинг иши тўғрисида мен тушунмаган нарсани тушунибсиз», деди. Каъб эса: «Мен бу аёлга бир эркакнинг қўл остидаги тўрт аёлнинг бири сифатида қараб, шундай ҳукм чиқараман: Бу киши уч кеча-кундуз (хоҳлаганича) ибодат қилсин ва бир кеча-кундузни аёлига ажратсин». Шунда Умар: «Аллоҳга қасамки, иккинчи райингиз биринчисидан ҳам ажойиброқдир. Сиз Басрага қози этиб тайинланасиз», деди. Яна бир ривоятда Умар: «Сиз нақадар яхши қозисиз», деди. Каъбнинг бу ҳукми кенг тарқалди ва у ҳеч ким томонидан инкор қилинмай аҳкомга айланди. Энди агар кишининг икки ёки кўпроқ хотини бўлса, уларнинг ўртасида тенглик қилиши лозим бўлади. Бунга Абу Ҳурайрадан «Сунан» ва бошқа китобларда ривоят қилинган ушбу ҳадис далилдир. Расулуллоҳ (С.А.В) дедилар: «Кимнинг иккита хотини бўлса-ю, уларнинг бирига бутунлай оғиб кетса, қиёмат куни (танасининг) бир томони йўқ бўлган ҳолда келади». Бошқа бир ривоятда эса: «Танасининг ярми бир томонга оғган ҳолда келади», дейилган. Динимизда қайтарилган оғиб кетиш Аллоҳ Таолонинг:
فَلا تَمِيلُوا كُلَّ الْمَيْلِ ,921-
– „Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетманглар“, [4:129]
деган сўзида келган оғиб кетишдир. Оятда келаётган бутунлай оғиб кетиш қалбида ҳам, амалда ҳам оғиб кетишдир. Аммо амалда изҳор қилмай, қалбда оғиб кетиш эса инсон бошқара олмайдиган ишдир. Бунга «Сунан» эгалари Оиша (Р.А) дан ривоят қилган ушбу ҳадис далилдир: «Расулуллоҳ (С.А.В) барча нарсаларни тақсимлашда адолат қилар эдилар ва: «Парвардигоро, мен қўлимдан келганча тақсимлаганим мана шудир. Менинг қўлимдан келмай, фақат Ўзингнинг қўлингдан келадиган ишлар учун мени маломат қилма», дер эдилар». .
Бешинчи: Эр ўз аёлининг ҳаққини яхшилик билан бериши
Бунга далил Аллоҳ Таолонинг:
وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ ,822-
– „Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор“, [2:228]
деган сўзидир. Бундан мурод эр аёлига озиқ-овқат ва бошқа эҳтиёжларини оғринмасдан, балки кўнгилхушлик билан адо қилишга ҳаракат қилишидир.
Олтинчи: Аёлни ор-номус сифатида ҳимоя қилиш
Киши уйланса аёл унинг ор-номусига айланади. Шунинг учун эр - гарчи ўлимга олиб борса ҳам - бу ор-номусни ҳимоя қилиши вожиб бўлади. Бунга Пайғамбар (С.А.В) нинг: «Кимки ўз ор-номусини ҳимоя қилаётган пайтда ўлдирилса, бас, у шаҳиддир» деган сўзлари далилдир. Бу сўздан талаб ирода қилинди ва бу қатъий талабдир.
Еттинчи: Хотиннинг сирини фош қилмаслик
Муслим Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (С.А.В) шундай дедилар: «Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида энг мартабаси ёмон одам ўз аёли билан бирга бўлиб, кейин уни барчага айтиб берган одамдир». Ибн Қудома ўзининг «Муғний» китобида Ҳасандан ривоят қилган ҳадисда айтиладики: «(Бир куни) Расулуллоҳ (С.А.В) аёллар ва эркаклар орасида ўтириб қолдилар. Эркакларга юзланиб: «Эҳтимол, сизлардан кимдир аёли билан ёлғиз қолган пайтда қилган ишларини гапириб юрар», дедилар. Кейин аёлларга юзланиб: «Эҳтимол, сизлардан кимдир эри билан бўлган ишларини аёлларга гапириб юрар», дедилар. Шунда бир аёл: «Эркаклар ҳам шундай қилади, биз ҳам шундай қиламиз», деди. Расулуллоҳ: «Бундай қилманглар. Бу гўё бир шайтоннинг иккинчи бир шайтон билан учрашиб қолиб, инсонлар кўз ўнгида у билан яқинлик қилганига ўхшайди», дедилар». Абу Довуд ҳам Абу Ҳурайрадан шунга ўхшаш ҳадисни ривоят қилган.
Саккизинчи: Фақат шаръий жазо билан жазолаш
Шаръий жазо чоралари Аллоҳ Таолонинг ушбу сўзида зикр қилинган:
وَاللَّاتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظًُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِع وَاضْرِبُوهُنَّ ,43-
– „Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳатларинг кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилинглар (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар) уринглар“. [4:34]
Эр мана шу жазо чораларидан бирига чекланиши ёки ҳаммасини қўллаши мумкин. Чунки бу оятдаги و ҳарфи мутлақ жам учун келяпти. Панд-насиҳат қилиш - аёлни Аллоҳ Азза ва Жалладан қўрқитиш ва унга инфоқ қилмай зиён етказиш билан қўрқитишдир. Тарк қилиш эса ётоқда тарк қилиш ва гапирмай қўйишдир. Хотинга гапирмай қўйиш уч кундан ортиб кетиши ҳалол бўлмайди. Бунга Пайғамбаримиз (С.А.В) нинг: «Мусулмон киши ўз биродарини уч кундан ортиқ гаплашмай ташлаб қўйиши ҳалол эмас. Уларнинг яхшиси аввал салом бергани», деган сўзлари далилдир. Ётоқда уч кундан ортиқ тарк қилиш эса жоиз. Қуръонда рухсат берилган уриш ўта қаттиқ бўлмаган уришдир. Бунга Амр ибн Аҳвас Жашамий (Р.А) дан Термизий ҳасан саҳиҳ деб ривоят қилган ушбу ҳадис далилдир. Расулуллоҳ (С.А.В) Ҳажжатул вадоъда шундай дедилар: «Аёлларга яхши муносабатда бўлинглар. Чунки улар сизнинг ҳузурингиздаги асиралардир. Сизлар уларга бундан бошқача муомала қилишга ҳаққингиз йўқ. Фақат агар очиқ маъсият қилсалар, уларга жазо беришингиз мумкин. У ҳолатда уларни ётоқларида тарк қилинглар ва қаттиқ ва оғир бўлмаган уриш билан уринглар…». Муслим Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилган ҳадисда айтиладики: Расулуллоҳ Арафот тоғида қилган хутбаларида шундай дедилар: «Аёлларни ўта қаттиқ урманглар». Абу Довуд Муовия ибн Ҳабада ал-Қушайрийдан ривоят қилган ҳадисга кўра юзга уриш макруҳдир. Расулуллоҳ (С.А.В) дедилар: «Юзга урманг, қабиҳ сўзларни сўзламанг ва фақат уйда тарк қилинг». Қабиҳ сўзларни сўзлаш - хунук сўзларни айтиш, хотинни ҳақорат қилиб сўкишдир ёки Аллоҳ сени қабиҳ қилсин дейишдир. Хотинни ёки унинг оиласини ёки бошқаларни лаънатлаш ҳаромдир.
Тўққизинчи: Хотинни ёмон кўрмаслик
Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (С.А.В) шундай дедилар: «Бир мўмин бир мўминани ёмон кўрмасин. Чунки унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқа хулқидан рози бўлади». Бу ҳадис ёмон кўришдан қайтаряпти. Яъни, мўмин эр ўз хотинини ёмон кўрмаслиги лозим. Чунки унда эр ўзи ёқтирмайдиган бир хулқни топса, ўзи рози бўладиган бошқа бир хулқни ҳам топади. Масалан: хотин бахил ёки рашкчи бўлиши мумкин. Лекин шу билан бирга у ростгўй, иффатли ва итоатгўй бўлиши мумкин. Хотинда гўзал ва яхши сифатларнинг мавжудлиги ёмон кўришга монелик қилиши лозим.
Ўнинчи: Хотинга одоб ва таълим бериш
Аллоҳ Таоло айтади:
قُوا أَنْفُسَكُم وَأَهْلِيكُم نَاراً ,6-
– „Ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни дўзахдан сақлангиз“. [66:6]
Алий (Р.А) бу оятни: «Уларга (яъни аҳли оилага) таълим ва одоб беринглар», деб тафсир қилдилар. Ибн Умардан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда келган Расулуллоҳ (С.А.В) нинг: «…эр киши ўз оиласига раҳбардир ва қўл остидагилардан жавобгардир…» деган сўзлари кишининг ўз аҳлига амри маъруф ва наҳий мункар қилиши ҳамда уларни дўзах ўтидан сақлашга зўр бериб интилиши вожиб эканлигини тақозо қилади.